понедельник, 3 октября 2016 г.

Уйда кимдир кутиб турса бас...



              Уйда кимдир кутиб турса…
 
Бу мақола “Оила ва жамият” газетасининг 22.04.2004 сонида чоп этилган.

Бир вақтлар рус шоири Евгений Евтушенконинг икки қатор шеърини ўзбекчага ағдарган эдим:
Инсонга жуда кўп нарса керакмас,
Уйда уни кимдир кутиб турса бас…
Рўзғор деган табаррук қўрғоннинг қадр-қимматини бундан-да самимийроқ қилиб таърифлаш мушкул.
Оила ҳақида қалам тебратиб қолишимнинг боиси шундаки, сўнгги пайтларда айрим матбуот нашрларида унга шак келтириш, нописандлик қилиш ҳоллари кўзга чалинаяпти. Айниқса, баъзи бир эстрада хонандаларимиз Ғарб ёҳуд Европадаги ҳамкасбларига ноўрин ва ножоиз тақлид қилишга мойил бўлишаяпти.

Аслида, биз истаймизми-йўқми – уларнинг талай соҳалардаги ислоҳот ва жадидликлари сарҳадлар оша бизга етиб келаверади. Лекин миллат ё ёки бу халқдан фақат тараққиёт, эзгуликка молик анъаналарни ўзлаштиргандагина эминликларга эришиши мумкин. Ғарб ёки Европада ҳам оила учун курашишади ва ибратомуз рўзғорлар жуда кўп. Шу билан бирга бағоят ошкор матбуот айримларнинг бу борадаги беҳаё, беномус фикрларидан ҳам ўзини тиёлмайди.
Ҳар қандай шароитда ҳам бизнинг бир оёғимиз мўйсафид Шарқдан узилиб кетмаслиги шарт!
Турли тоифадаги газетачиларга бот-бот интервью беришни хуш кўрадиган эстрада хонандаларимиздан бири (унинг санъатини жуда қадрлайман) авваллари ўз оиласининг «энг намунали» жканлигидан шукроналар ўқир, поғонама-поғона юксалишида турмуш ўртоғининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлашдан чарчамасди. Энди эса эридан ажралганини аллақандай зарда ва иддао билан такрорлайдиган бўлибди. Унинг қўрғонига боқишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини (гарчанд бунга ҳеч ким бурнини суқмаган бўлса ҳамки) эслатавериши ғашингни келтиради.
Нафсиламбрини айтганда, инсон ўз ярасини пинҳон тутиб юриши маъқул эмасми?! Яқинда бир газетада аввалги гапларни такрорлаб, оила унинг шахсий иши эканлигига урғу берганлиги ортиқча бўлди, назаримда.
Аслини олганда, оила жуда ҳам шахсий иш эмас. Унинг барбод бўлиши эса жамият учун ҳам фавқулодда нохуш зарбадир. Бу ижтимоий эрозия оқибатлари бевосита жамият зиммасига тушади: боқувчисиз қолган чол, кампирлар, тарбияси нобоп болалар ва ҳоказо…
Энг ёмони – бизнинг гулдай қизларимиз айнан эстрада юлдузларидан ибрат олиш, уларга тақлид қилиш касалига мубтало бўлишганки, бундан хавотир тортмаслик – гумроҳлик бўлур эди!
Номдор ва ардоқли хонандаларимиздан тағин бири бир газетада «… булар бари менинг ҳаётимдаги иккинчи даражали нарсалар», деб ёзди, бир неча эрга тегиб, уларнинг бирортасидан ёлчимаганини айтишдан афсуски, хижолат чекмади.
Менинг ёдимга лоп этию, бир кечмиш тушди.
«Буни ҳаёт дебдилар» асаримни ёзиш жараёнида кексалар уйи ҳаётини акс эттиришга тўғри келиб қолди. Онахон, отахонлар билан танишиб суҳбатлашарканман, инсон қисматининг нақадар ранго-ранг, маҳзун бўлишига имон келтирдим. Тағин: айнан ана шу – одамларни тинглашдан кўра гапиришни хуш кўрадиган даргоҳда русларнинг: «Старость - не радость», деган нақли бот-бот ёдимга тушаверди. Боиси – бу ерда тақдир эзиб, майиб қилиб ташлаган бандалар кўпчилик эди.
«Конферансе номимни тилга олиши билан зал қарсакдан ёрилгудай бўлиб кетарди», деди мен билан суҳбатда, ранги синиққина онахон. (Уни бу ерда аллақандай пичинг билан «Дездемона», деб аташаркан) – Томошабинлар спектаклдан кейин ҳам ўринларидан туриб, алламаҳалгача қарсак чалишар ва мен дилхушлик ила уларга таъзим қилардим. Гастроль сафарларимиздан бирида тўққиз ойлик ўғилчам ўлиб қолди. Мен унинг устига оқ чойшаб ёпиб қўйдим-у, ролимни боплаб ижро этдим. Бу жасоратимни газеталарда роса ёзишди. Ҳукумат томонидан менга орден беришди.
Шу ерга келганда, қўшни каравотдаги аёл аллақандай нописандлик, ботгачопарлик билан ўзбекчалаб, русчалаб гапга аралашиб қолди: «Худо шунинг учун ҳам сани наказат қилди».
Мен ажабланиб, хижолатомуз суҳбатдошимга ўғирилдим. «Тўғри айтаяпти, – тан олди у. – Касал болани совуқда гастролга олиб бормаганимда тирик қолармиди… Мени олқишларга кўмган томошабин ҳам, кўкларга кўтариб мақтаган газетачилар ҳам бугун йўқ. Булар майлику-я, эрта ўлиб қолсам, бел боғлаб, йиғлайдиган жигаргўшам ҳам…»
У ёғини айтолмади. Сукунатдан фойдаланиб, боя суҳбатга қўшилган аёл ўзи ҳақида пайдар-пай гапириб кетди. Агар айтганлари рост бўлса, Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, фашистларнинг додини берган, шунинг учун имтиёз беришган: бу ерда икки кишилик хонага жойлаштирилган экан ва ҳоказо…
Шу пайт коридорда пол ювувчи аёлнинг дағдағали, такаббур овози эшитилди: «Бирортанг хонада сигаретми, носми чексанг… (у жуда беҳаё гапни қўшиб қўйди). Ҳамма хавотирона жимиди. «Фашистларнинг додини берган» аёл ҳадик тортиб, чўкиб кетгандай бўлди. Мен ноўнғай бўлиб, чиқиб кетдим.
Орадан бирор йил ўтгач, Наврўз байрами арафасида ҳалиги майда-чуйда харид қилиб бордим. Таниш эшикни секин қоқиб, ичкарига кирсам, онахоннинг караватида бегона рус аёли ётибди. Миямдан лоп этиб нохуш хаёл кечди. Ўзини «тётя Флора» дея таништирган кампир суҳбатдошга интиқ бўлиб ўтирган экан шекилли, бирдан гапга киришиб кетди. У шанғиллаб, узуқ-юлуғ гапиргани сабаб, фикрини тўлиқ уқиб олиш қийин эди.
«Дездемона»дан фақат мана шу қолди, – деди у эски латтага ўралган орденни кўрсатиб. – Тириклигида: «Ўлсам, ўрнимни Флорага беринглар», деб, хат ёздириб олган эдим. Аввал беш кишилик хонада ётардим – ёмон одамлар эди… Бош врач «Дездемона»ни сўнгги йўлга кузатиб, қабристонга боришимизга рухсат бермади. Фақат саккизта эркакка ижозат бўлди…»
У ёғини эшитгим келмади.
Муҳтарам газетхон! Мавзудан андак чиқиб кетганим учун узр. Эстрада юлдузларининг интервьюлари ҳақида гапираётган эдим.
Яқинда бир газетада ўзим анчайин қадрлайдиган хонанданинг суҳбатини ўқиб, рост гапки, уксиб кетдим. У концерти арафасида, отаси ўлиб қолганидан надомат чекади. Унгача эса падари бузрукворининг ориф-у оқиллигини сифатлаб ўтади. Аммо шу билан ҳеч гап бўлмагандай, саҳнага чиқиб, роса ўйнаб-кулганини баён этади. «Қайси инсон отаси ўлган бўлса, қўшиқ айтиб рақсга тушади, шўх ашулани шўх айтади», деб мантиқсиз савол ҳам беради жамоатчиликка.
Бу қизимизга қарата: «Онагинам, нега ундай қилдинг? Қилмишинг етмагандек, уни дастур қилиб ёзишинг нимаси», деб дашном бергиси келади кишининг. Аслида конферансье томошабинлар қаршисига чиқиб: «Азиз биродарлар, шундай бўлиб қоди: бугун сиз учун унинг шогирдлари куйлашади, дадасининг қирқи ўтса, сизларга бепул концерт қўйиб беради», – деса ҳаммаси жойига тушмасмиди?!
Майли. Мен мазкур санъаткорларнинг отаси тенги одамман ва уларнинг шаънини заррача бўлса-да, ерга урмай, хатоларини шипшиб қўйишга маънавий ҳақлиман.
«Фарзандга ўгитлар» деган китобчамда шундай деб ёзган эканман.
«Меҳрибон қизим! Агар омад қўлини чўзиб, машҳур бўлиб кетанг, мухбирлар билан бот-бот суҳбат қуришга ошиқаверма. Улар сен туфайли ўзлари ёки газеталарини тарғиб қилишга мойил бўлишлари мумкин.
Бизнинг гоҳ турғун, гоҳ сершиддат замонамизда келин билан куёвнинг ажралиб кетиши гоҳ-гоҳ рўй бериб турадиган нохуш хол. Бунинг сабаблари бисёр, лекин энг аввалгиси: оила деб аталадиган муқаддас уюшмани сақлаб қолиш учун курашмаслик, унга беписанд қарашдир. Агар билсанг, бева бўлиб қолиш, фарзандлар дунёга келган бўлса, уларни тирик етим қолдириш – гумоҳи азим.
Мавлоно Румий ёзадилар:
Бишнав аз най – чун
                    ҳикоят макунад,
Аз жудойиҳо шикоят
                    мекунад…
Жудоликлардан ўзи асрасин! Айнан айрилиқлар бизни хор қилади!
Эй фарзанд! Чироққа лампамой, ниҳолга сув, қушга дон керак бўлганидек, муҳаббат ҳам маънавий ва моддий рағбат талаб қилишини унутма. Ахир, фақат эҳтирослар билан яшаб бўлмайди-ку!
Азиз фарзандларим! Бу нотинч оламда бандасининг бошига нималар тушмайди, дейсизлар… Омад юз ўгириб ёки фалокат рўй бериб, тўшакда ётиб қолсаларинг, ўксишга сира ўрин йўқ. Мен ҳамиша сизлар билан биргаман!
Мабодо бўлмасам, кўзларингни юмиб, мени ёдга олинглар. Шунда бир меҳрибон ва далдакор нигоҳ умид билан термулади, ҳароратли пешоналарингга кимдир жуда таниш ва матлуб бармоқларини тегизади. Бу руҳан менинг нигоҳларим, менинг бармоқларимдир!».
***
Нусрат РАҲМАТ,
ёзувчи.

Комментариев нет:

Отправить комментарий